Тошкент вилоятидаги улкан имкониятлар кўрсатиб ўтилди

11 Sen 2025

Президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни Тошкент вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Бу гўзал табиатли ва салоҳияти юқори вилоят иқтисодиёти бугун изчил ривожланиб бормоқда. Кейинги 8 йилда 10 миллиард доллар ҳудудий, 8 миллиард доллар тармоқ инвестициялари киритилган, 10 мингга яқин саноат, савдо ва сервис корхоналари ишга тушган.

Охирги 3 йилда йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан кўп бўлган корхоналар сони 1,8 баробар ошиб, 1,7 мингга етган. Яна айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори корхоналар эса 137 тадан 193 тага кўпайган. Натижада олдинги йилларда йиллик ўртача экспорт 1 миллиард долларга ҳам етмаган бўлса, шу йилнинг 8 ойида бу рақамдан ошган.

Вилоятда хитойлик инвесторлар томонидан 2,1 миллиард долларлик йирик саноат парклари ташкил этилмоқда. Шунингдек, вилоятни 2025-2027 йилларда жадал ривожлантириш бўйича Президент қарорлари қабул қилиниб, улар ижроси учун 40 триллион сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилган. Буларнинг бари ҳудудларда ишсизликни пасайтириб, камбағаллик даражасини қисқартириш имконини бермоқда. Йил якунига қадар вилоятда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга туширишнинг аниқ ҳисоб-китоби қилинган.

Бундай натижаларни ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, Тошкент вилоятида ҳам “Ислоҳотлар штаби” тузилди. Йиғилишда штаб томонидан тайёрланган режа ва лойиҳалар тақдимот қилинди.

Президентимиз томонидан мазкур лойиҳаларни бекам-кўст амалга оширишга кўмаклашиш, айрим масалаларни зудлик билан ечиш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Жумладан, Нурафшон, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида хорижий инвестиция иштирокида саноат корхоналарини ташкил этиш учун 2 та нимстанция қуриш кўзда тутилмоқда.

Бекобод шаҳрида импорт ўрнини босувчи автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш, Оққўрғон туманида озиқ-овқат ва тўқимачилик корхоналарини очиш, Оҳангарон, Ангрен ва Ўрта Чирчиқ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорасув канали бўйида туризм ва савдо масканларини ташкил этиш имконияти бор.

Умуман, вилоятда 2 миллиард 500 миллион долларлик  инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқилган. Уларнинг натижасида 11 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади, 434 миллион долларлик экспорт қуввати яратилади.

Президентимиз лойиҳалар билан атрофлича танишиб, қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.

– Тошкент вилояти саноатда ҳам, қишлоқ хўжалигида ҳам энг катта салоҳиятга эга ҳудуд. Асосийси, вилоят юртимиздаги энг йирик истеъмол ва хизматлар бозорини, яъни пойтахтимизни ҳар томондан ўраб туради. Бу ҳам жуда катта имконият. Уни тўлиқ ишга солиб, инвестиция, экспорт ва иш ўрни кўрсаткичларини каррасига оширса бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Тошкент шаҳри ва туманлари ҳокимлари ҳам қатнашди. Тошкент вилоятидаги айрим бўш ерлар “Тошкент инвест” компанияси ва шаҳарнинг саноат зоналари дирекциясига ажратилиб, уларга экологияга зарар келтираётган корхоналар кўчирилиши айтилди.

Тошкент вилоятининг барча ҳудудларини пойтахт билан тезкор электр поездлар орқали боғлаш вазифаси белгиланди. Бу орқали у ерларда ҳам янги уй-жойлар, инфратузилма ва хизматларга талаб ошади, одамлар пойтахтга қатнаб ишлаши мумкин бўлади.

Вилоятдаги 263 та маҳалла бирор маҳсулот етиштириш, саноат ёки хизмат кўрсатишга ихтисослашмаган. Шу боис, уларда боғдорчилик, лимон, узум, малина, брокколи ва кўчат етиштиришни ривожлантириш мўлжалланмоқда. Бу маҳаллаларга “Агростар” компаниясини боғлаб, уруғ, кўчат ва кафолатли харид бўйича одамларга ёрдамлашиш бўйича кўрсатма берилди.

Тошкент вилояти ер ва сувга жуда бой. Бундан самарали фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш билан бирга уларни қайта ишлаб, экспортини ошириш вазифаси қўйилди.

Умуман, барча имкониятларни юзага чиқариб, маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш зарурлиги таъкидланди.

Related