Оғир тоифадаги маҳаллалар меҳнатда намунали, ҳаёти фаровон, тадбиркорликда етакчи ҳудудга айлантирилади

16 Sen 2025

Наманган вилоятига ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига кирди.

Маҳалланинг шароити оғир. Ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва лотоклар йўқ. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда.

Аслида, туманлараро йўл бўйида жойлашган маҳаллада тадбиркорлик, савдо ва хизматларни ривожлантириш бўйича имконият кўп. Бўш турган биноларни давлат-хусусий шериклик асосида қувватга киритиш мумкин.

Президентимиз ҳудуддаги муаммолар бўйича аҳоли фикрларини эшитди.

– Энди бу маҳаллани тубдан ўзгартириб, “Янги Ўзбекистон” нафасини олиб кирамиз. Кўчалар обод қилиниб, қиёфаси янгиланади. Одамларнинг яшаши, сайр қилиб, болалари билан дам олиши учун муносиб шароитлар бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга маҳаллани намунага айлантириш бўйича кўрсатма берилди. Жумладан, унга шаҳар муҳитини олиб кириш ва тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади. У асосида жойлар тайёр лойиҳа ва инфратузилма билан ташаббускорларга таклиф этилади. Натижада маҳалланинг салоҳияти ошиб, атрофдаги 5 та маҳалла учун марказга айланади.

Замонавий маҳалла гузари ва сайилгоҳ барпо этилади, болалар ва спорт майдончалари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил қилинади. Мактаб ва боғчалар давлат инвестиция дастури доирасида капитал таъмирланади. Кўчалар асфальтланиб, манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатлари экилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади. Ижтимоий шартнома асосида одамлар ўз уйларини тартибга келтиради.

Умуман, бутун мамлакатимизда қуйи тизимда ишларни “жонлантириш” бўйича қарор ишлаб чиқилаётгани айтилди. Туман ва маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кириш учун бюджетдан жами 5 триллион сўм ажратилади. Жумладан, Наманганда Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан йўналтирилиб, уларни меҳнатда намунали, ҳаёти фаровон, тадбиркорликда етакчи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилади.

Related