Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига тарихий ташрифи якунланди.
Давлатимиз раҳбари АҚШга ташрифи чоғида Бош Ассамблеянинг умумсиёсий мунозараларда сўзга чиқиб, БМТнинг энг долзарб глобал муаммоларни ҳал этиш учун асосий платформа сифатидаги ўрнига, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон етакчиси халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик энг долзарб масалаларни ҳал этиш, тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистон раҳбарининг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви ташрифнинг марказий воқеаси бўлди. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, БМТ Бош котиби А.Гутерриш, Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён, Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн, Чехия Республикаси Президенти Петр Павел, Албания Президенти Байрам Бегай, шунингдек, ХВФ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга ва Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконджо-Ивеала билан ҳам музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон Президенти АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни, АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус» раиси, конгрессмен Трент Келлини қабул қилди.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури ҳам сермазмун бўлди. Ўзбекистон етакчиси АҚШ ишбилармонлари иштирокида давра суҳбати, шунингдек, қатор етакчи трансмиллий компаниялар, корпорациялар, инвестиция фондлари ва молиявий институтлар – «Traxys», «FLSmidth», «McKinsey», «Go Green Partners», Колорадо геология мактаби, «BlackRock», «Boeing Global», «Franklin Templeton», «Citigroup», «Air Products», «BNY», «Jefferies», «NASDAQ», «Oppenheimer», «Air Products» ва бошқа кўплаб компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Учрашув ва музокаралар натижасида ўрта муддатли лойиҳалар дастури шакллантирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор ҳузурида муҳим минераллар, фуқаро авиацияси, кимё саноати, энергетика ва бошқа устувор соҳаларда имзоланган икки томонлама савдо шартномалари ва инвестиция битимларини алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Америка Қўшма Штатларига ташрифи якунида давлатимиз раҳбари, анъанага кўра, АҚШда ишлаётган ва яшаётган бир гуруҳ ватандошларимиз, шунингдек, Американинг етакчи университетларида таҳсил олаётган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.
Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.