Президент Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни электротехника саноатини янада ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу йўналишда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, замонавий қувватлар барпо этилди, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмлари ортиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг 9 ойида тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 16,3 фоизга ўсиб, 34 триллион сўмга етди. Экспорт 970 миллион долларни ташкил қилди.
Шу билан бирга, соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Хусусан, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, мисни чуқур қайта ишлаш ва экспортни диверсификация қилиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Айни вақтда мис маҳсулотлари экспортининг атиги 60 фоизи юқори қўшилган қийматли товарлар улушига тўғри келяпти.
Тақдимотда мамлакатимизда чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш, бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, мисни харид қилишда чегирма тақдим этиш, кредит фоизларининг 5 фоиздан юқори қисмини давлат томонидан қоплаш, солиқ ва божхона тўловлари бўйича енгилликлар бериш режалаштирилган.
Тармоқда анъанавий турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан бирга юқори технологик турларини ўзлаштириш, жумладан, электроника ва ярим ўтказгичлар соҳасига кириб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Янги лойиҳалар ҳисобига келгуси йилларда юртимизда мис ишлаб чиқариш ҳажми 250 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етиши кутилмоқда. Мутасаддилар ушбу хомашё базасидан фойдаланиб, унинг негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар тўғрисида ахборот берди. Серверлар, саноат электроникаси, кондиционерлар, қуёш панеллари, назорат-ўлчов ва автоматика воситалари, смарт-карталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шулар жумласидан. Умуман, бу йўналишда 2,1 миллиард долларлик 157 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, улар орқали 14,5 минг янги иш ўрни яратилади.
Тақдимотда ҳудудлардаги электротехника технопаркларининг фаолияти ҳам кўриб чиқилди.
Айни пайтда миллий маҳсулотларимизни халқаро бозорларга чиқариш имкониятлари кенгаймоқда. Ўзбекистон стандартлар институти Халқаро электротехника комиссияси баҳолаш схемасига аъзо орган сифатида қабул қилинди. Бу мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сертификатларининг 53 давлатда тан олинишини таъминлайди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги европалик ҳамкорлар билан мувофиқликни баҳолаш тизимини йўлга қўймоқда. Бу орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Евроиттифоқ талабларига мосликни тасдиқловчи “CE” белгиси берилади. Бу эса Европага экспорт ҳажмини камида икки баробар ошириш имконини яратади.
Давлатимиз раҳбари режалаштирилган чора-тадбирлар ва лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, экспортнинг ўсиш суръатларини сақлаб қолиб, янги бозорларга чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берди.