Ўзбекистон Президенти МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

10 Okt 2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган саммит ишида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳамда МДҲ бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, Ҳамдўстлик доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари нутқининг аввалида глобал сиёсат ва иқтисодиётдаги олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган жараёнлар ҳамда халқаро институтларнинг роли заифлашиб бораётганига қарамасдан, МДҲ ўзининг барқарорлиги, самарадорлиги ва зарурлигини намойиш этишда давом этаётганини таъкидлади.

Ўн йиллар давомида йўлга қўйилган механизмлар ва алоқалар туфайли иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар масалаларнинг барча йўналишларида яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

– Биз МДҲ доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, табиий шерикларимиз бўлган мамлакатлар билан амалий ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишдан манфаатдормиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Сўнг мамлакатимиз етакчиси Ҳамдўстлик доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг кескинлашиши, протекционизмнинг кучайиши ва барқарор ривожланиш йўлида янги хавф-хатарлар юзага келаётганини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий шерикликни кенгайтириш ташкилотнинг сўзсиз устувор йўналиши экани кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистоннинг МДҲдаги шериклари билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили 11 фоизга ошгани ва бу кўрсаткич жорий йилда ҳам ўсишда давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Бундай кўрсаткичлар тармоқлараро кооперация чуқурлашаётгани ва ўзаро инвестициялар оқими кўпайиб бораётгани туфайлидир.

Мавжуд имкониятларни янада тўлиқ ишга солиш, ҳамкорликнинг бугунги суръатини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Президенти биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қуйидаги устувор йўналишларга қаратишни таклиф этди.

Биринчидан, товар айирбошлашни кўпайтириш учун янада қулай шароитларни шакллантириш.

Алоҳида товарларни, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш жараёнида тартиб-таомил ва талабларни соддалаштириш ва миллий бозорларга кириш, жумладан, давлат харидларида иштирок этиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек МДҲ Иқтисодий кенгаши доирасида ташқи конъюнктура ўзгаришларига тезкор жавоб бериш ва савдо оқимлари йўналишини ўзгартириш бўйича механизмларни ишга тушириш, техник тўсиқлар ва мувофиқликни баҳолашга оид ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги битимлар лойиҳаларини келишиш борасидаги ишларни фаоллаштириш мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратилди.

Иккинчидан, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш.

МДҲ маконидаги транспорт тармоғида мавжуд йўлаклар самарадорлигини пасайтираётган муаммоли ҳолатлар ҳамон сақланиб қолаётгани қайд этилди. Бу барча турдаги транспортлар билан интеграциялашган ахборот-логистика марказларини ташкил этишни тақозо этмоқда.

Юк ташиш инфратузилмасини модернизация қилиш учун хусусий инвестицияларни жалб қилиш муҳимлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда транспорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш масалалари бўйича конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Учинчидан, ўзаро инвестициялар ўсишини рағбатлантириш ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш.

Бу борада махсус иқтисодий ва саноат зоналарини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлаш, кооперацияни чуқурлаштириш ва бизнесни жалб қилган ҳолда инновацион стартапларни илгари суриш учун МДҲнинг Венчур платформасини яратиш, келгуси йилда Тошкентдаги «ИННОПРОМ» кўргазмаси негизида Инновацион саноат форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Тўртинчидан, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш.

Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда МДҲдаги шериклар билан анъанавий ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, жумладан, атом электр станциялари қурилиши соҳасида қатор йирик стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари МДҲ мамлакатларида энергетика секторини инновацион ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастур ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таклиф этди.

Бешинчидан, рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик.

Давлатимиз раҳбари жорий йил август ойида Самарқандда ўтган «МДҲда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш» мавзусидаги халқаро форум бу соҳадаги кооперация борасида ўзаро қизиқиш ва имкониятлар ортиб бораётганини кўрсатганини таъкидлади. Шу муносабат билан ушбу соҳада Амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича кўп томонлама ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни кенгайтириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.

– Мамлакатларимизда таълим сектори ва меҳнат бозори жадал ривожланаётганини ҳисобга олиб, Дипломлар, малака ва академик дастурларни ўзаро тан олиш тўғрисида янги давлатлараро келишувни тайёрлаш, Профессионал стандартлар ва малака талабларини уйғунлаштириш механизмини жорий этиш лозим, деб ҳисоблаймиз, – деди Президент.

Келгуси йилда кун тартибига инновацион экотизимларни шакллантириш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш учун Ёшлар лабораториясини яратиш масаласини киритган ҳолда, МДҲ Ёшлар форумини Хивада ўтказишга тайёрлик билдирилди.

Минтақавий хавфсизлик масалаларига тўхталар экан, Президентимиз ташқи сиёсий идоралар ва махсус хизматлар ўртасидаги тизимли ва яқин алоқаларни давом эттириш муҳимлигига эътибор қаратди. Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилади.

– Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлайман. Шу муносабат билан ушбу мамлакатда йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда биргаликда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев Сергей Лебедевнинг МДҲ Бош котиби лавозимига қайта тайинланишини қўллаб-қувватлади ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ташкилотга раисликни қабул қилиб олгани муносабати билан муваффақиятлар тилади.

Йиғилишда Ҳамдўстликка аъзо бошқа мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ҳам сўзга чиқди.

Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича келишув ва қарорлар тўплами имзоланди.

Related