“MiningMetals Uzbekistan 2025”: кон-металлургия технологиялари ва инновациялари халқаро маркази
“Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик – MiningMetals Uzbekistan 2025” 19-халқаро кўргазмаси 2025 йил 28-30 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” МККнинг 1-, 2-павильонлари ва очиқ майдонида бўлиб ўтади.
Ташкилотчилар: “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group”.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш иқтисодий ривожланишнинг асосидир. Хом ашё ва юқори сифатли қайта ишланган маҳсулотлар – металл прокат, қувурлар ва бошқа материаллар билан таъминлаш иқтисодиётнинг барча тармоқларининг фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва уларнинг доимий ўсишига ҳисса қўшади.
Табиий ресурсларга бой мамлакат бўлган Ўзбекистоннинг тоғ-кон сектори ҳам ўз саноатини турли хомашё билан таъминлаш, ҳам экспорт етказиб беришни амалга ошириш ва кўпайтириш борасида барқарор ривожланмоқда. Мамлакат раҳбарияти соҳани ривожлантиришга, янги технологиялар ва инновацияларни жорий этиш учун шароит яратишга, ишлаб чиқаришнинг экологик тозалиги ва энергия самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистондаги кон-металлургия саноати учун етакчи кўргазма тадбирларидан бири ва замонавий ускуналар ва технологиялар ҳақида маълумот олиш учун самарали платформа бўлган MiningMetals Uzbekistan кўргазмаси ҳам соҳа ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Кўргазма кон-металлургия соҳаси мутахассислари, тегишли вазирликлар ва идоралар ҳамда ихтисослашган агентликлар учун ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилишнинг истиқболли вариантларини кўриб чиқиш имкониятини беради.
Бу йил кўргазмада 15 мамлакат – Буюк Британия, Германия, Канада, Корея Республикаси, Латвия, Мўғулистон, Россия, Туркия, Хитой, Чехия, Эрон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистондан – 150 дан ортиқ компаниялар иштирок этмоқда.
Хорижий иштирокчиларнинг ТОП-3 талиги қуйидагилардан иборат: Хитой (50 та компания), Германия (17 та компания), Қозоғистон (10 та компания).
Кўргазманинг кумуш ҳомийси Чехиянинг INCO Engineering компанияси – тоғ-кон иши учун ускуналар, шахта кўтаргичларидан тортиб замонавий конлар учун комплекс ечимларгача бўлган соҳаларда глобал миқёсдаги етакчи ҳисобланади. INCO Engineering ечимлари хавфсизлик, самарадорлик ва ишончлиликни таъминлаб, тоғ-кон саноатида глобал стандартларни юритади.
Кўргазма экспозицияси иккита асосий секторга бўлинган: “Тоғ-кон иши” ва “Металлургия ва машинасозлик”.
“Тоғ-кон иши” бўлимида фойдали қазилмалар қазиб олиш ва қайта ишлашнинг барча босқичлари учун кенг қамровли ечимлар, жумладан, майдалаш, саралаш ва фрезалаш ускуналари, бурғулаш қурилмалари ва асбоблари, флотация камералари, насослар ва фильтрлар, қум ювиш ва сувсизлантириш ускуналари, оммавий материалларни ташиш, конвейер тизимлари, очиқ турдаги ва ер ости кончилик учун ихтисослаштирилган ускуналар, шунингдек, конларни автоматлаштириш ва рақамли мониторинг қилиш технологиялари намойиш этилади.
“Металлургия ва машинасозлик” бўлимида металлургия корхоналари учун кенг турдаги ускуналар ва технологиялар намойиш этилади: рақамли дастурий бошқариш дастгоҳлари, прокатлаш ва қуйиш ускуналари, пўлат қуйиш заводлари учун кранлар, фильтрлаш ва аспирация тизимлари, мойлаш-совутиш суюқликлари, геотехника ва қурилиш эҳтиёжлари учун материаллар, шунингдек, чиқиндилар ва иккиламчи металларни қайта ишлаш ечимлари.
Очиқ экспозицияда ташриф буюрувчилар қурилиш ва кончилик ускуналарини, жумладан, бурғулаш қурилмалари, экскаваторлар, телехендлерлар ва фильтр-прессларини кўришлари мумкин. Кўргазмада қуйидагилар намойиш этилади: Quantum Systems Kazakhstan (Қозоғистон) – ZEGA D480A бурғулаш қурилмаси; Jingjin Equipment (Хитой) – FILTER PRESS фильтр-пресси; Eurasian Construction Machinery (Ўзбекистон) – HITACHI ZX-330 экскаватори, Gehl TX-4017 телескопик юклагичи va Gehl R180 мини-юклагичи; POWER Crane (Ўзбекистон) – кўтариш ускуналари: икки балкали кўприкли кран, портал кранлари, консолли кранлар; IKO MACHINERY (Ўзбекистон) – KOMATSU, DYNAPAC, DONALDSON.
Кўргазмада илк маротаба бурғулаш-портлатиш ишлари учун ускуналар ҳамда портловчи моддаларни хавфсиз ташиш учун ихтисослаштирилган ускуналар намойиш этилади.
Кенг тематик қамрови туфайли кўргазма иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларга саноатнинг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиш, минералларни қазиб олиш ва қайта ишлашнинг илғор ечимлари ҳақида маълумот олиш ҳамда технологик инновациялар ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имконини беради. Бундан ташқари, минглаб ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар тажриба алмашиш, янги алоқалар ўрнатиш ва соҳанинг бозор салоҳиятини баҳолаш учун битта жойда тўпланишади.
Бу йил бирлашган стенд доирасида иштирок этаётган маҳалий тоғ-кон саноати ва металлургиянинг флагманлари анъанага кўра экспозицияда муҳим ўринни эгаллайдилар. Стенд таркибига қуйидаги ташкилотлар киради: Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбек технологик металлар комбинати, Навоийуран, Ўзметкомбинат ва Наманган металлургия заводи.
Хорижий экспонентлар қаторида нафақат кўп йиллик иштирокчилар – DESWIK (Буюк Британия), KORRUS TECH ASIA (Қозоғистон), WENCO INTERNATIONAL MINING SYSTEMS (Kaнaдa), LIMING HEAVY INDUSTRY (Хитой), ENGINEERING DOBERSEK (Германия), балки етакчи ишлаб чиқарувчилар сифатида обрў қозонган дебютантлар – ART BLAST GROUP (Қирғизистон), HEPHEASTUS MACHINERY (Мўғулистон), INCO ENGINEERING (Чехия), FELUWA (Германия), WESMAN THERMAL ENGG PROCESSES (Ҳиндистон), FKK GUNEY OTO LAS. TAK (Tуркия), TOP DRILL CO (Корея Республикаси) ҳам иштирок этади.
16 та компаниядан иборат Германия миллий павильонининг анъанавий иштироки мутахассисларга кон-металлургия комплекси учун ускуналар ва технологияларни – минерал хом ашёни қазиб олиш ва бойитиш, материалларни ташиш, конвейер технологияси, шунингдек, ишлаб чиқариш объектларини инжиниринги ва қуриш бўйича ечимларни тақдим этади.
Бу йил Россия компанияларининг йиллик жамоавий иштироки Нижний Новгород вилояти стенди томонидан намойиш этилади. Бу ерда рудани бойитиш, шлакларни қайта ишлаш ва иккиламчи хом ашёни ажратиш, майдалаш ва саралаш тизимлари учун ечимлар, геотехник ишлар учун материаллар (геотекстил, геомембранлар, геопанжаралар, геотўрлар), чўян, пўлат ва ферроқотишмалар ишлаб чиқариш учун ускуналар ва технологиялар, шунингдек, бирламчи металларни улгуржи сотиш учун мойлаш-совутиш суюқликлари ва ечимлар намойиш этилади.
Кўргазмада Хитой компаниялари кенг миқёсда иштирок этиб, кон-металлургия комплекси учун кенг турдаги ускуналар ва технологияларни намойиш этмоқда: майдалаш ва флотация қурилмалари, тегирмонлар, шлам насослари, бурғулаш ва кўтариш ускуналари, конвейер ленталари, махсус техника, пўлат саноати учун кранлар, шунингдек, кон-металлургия корхоналари учун кимёвий реагентлар ва бутловчи қисмлар.
Кўргазмада дебют қилган мамлакатлар орасида – Мўғулистон. Ушбу мамалакатдан келган компания портловчи моддаларни ташиш учун ихтисослаштирилган ускуналарни намойиш этмоқда.
Анъанага кўра, еттинчи марта кўргазма доирасида Ўзбекистон Халқаро кон-металлургия форуми – UIMF 2025 бўлиб ўтади. Бу йилги форумнинг мавзуси – «Келажакнинг тоғ-кон саноати: ресурслар ва стратегиялар». Форумда ҳукумат вакиллари, соҳа регуляторлари, йирик ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар, молия институтлари ва халқаро экспертлар иштирок этади. Форум Congresses of Central Asia – CCA халқаро компанияси томонидан ташкил этилган.
Кўргазма ва унинг доирасида ўтказилаётган форум кон-металлургия саноатини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаб, мутахассисларнинг фикрлари ва тавсияларини ускуналар, технологиялар ва кончилик техникалари каби амалий қисми билан узвий боғлайди.
Барча иштирокчилар, жумладан, ташриф буюрувчилар ва экспонентлар учун қулайлик яратиш мақсадида Iteca Connect иловаси ишга туширилди. Илова учрашувларни режалаштириш, иштирокчи компаниялар фаолияти ҳақида маълумот олиш, павильонлар харитаси ёрдамида кўргазмада навигация қилиш ва ҳоказоларни амалга ошириш имконини беради.
Расмий кўмак:
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси;
– Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси;
– Ўзбекистон металлургия уюшмаси;
– Тошкент шаҳар ҳокимлиги.
Тадбир ташкилотчилари – Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори ICA Eurasia Group.
Қўшимча маълумот олиш учун Iteca Exhibitions матбуот хизматига мурожаат қилинг:
Teл: + (998 93) 180 03 42, E-mail: pr@iteca.uz, www.mining.uz