Ўзбекистон ва Қатар: меҳнат миграцияси соҳасида янги ҳамкорлик босқичи

31 Okt 2025

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси меҳнат миграцияси соҳасини тизимли, хавфсиз ва инсонпарвар асосда бошқариш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу жараёнлар фуқароларнинг хорижда қонуний меҳнат фаолиятини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг билим ва малакасини ошириш ҳамда муносиб меҳнат имкониятларини яратишга қаратилган.

Янгиланган миграция сиёсати

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган Миграция агентлиги меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини мувофиқлаштирувчи марказий орган сифатида фаолият юритмоқда. Агентликнинг асосий вазифаси — фуқароларнинг меҳнат миграциясини қонуний, хавфсиз ва самарали ташкил этиш, уларни касбий тайёргарлик ва қайта интеграция жараёнлари билан қамраб олишдир.

Агентликнинг фаолияти “инсон капитали ва муносиб меҳнат” тамойилига асосланади. Миграция эндиликда фақат ишчи кучи экспорти эмас, балки билим ва тажриба алмашинуви, янги имкониятлар ва барқарор ривожланиш омили сифатида қаралмоқда.

Халқаро ҳамкорлик ва диверсификация

Меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш доирасида Ўзбекистон Миграция агентлиги ва бошқа идоралар 18 та давлатда хизмат сафарлари ўтказиб, 106 та ваколатли ташкилот билан музокаралар ташкил этди. Ушбу давлатлар қаторида Қатар, Қувайт, Япония, Корея, Германия, Буюк Британия, Италия, Словения ва бошқалар бор.

Бу ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро меҳнат бозоридаги иштирокини диверсификация қилиш, янги қонуний ва шаффоф каналларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Қатар учун Ўзбекистон меҳнат миграцияси соҳасида янги ҳамкор

Қатар давлати Ўзбекистон учун янги ва истиқболли ҳамкор сифатида ажралиб турибди. Қатар меҳнат бозорида малакали мутахассисларга талаб юқори бўлиб, бу соҳада икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгаймоқда.

Доҳада бўлиб ўтган музокаралар давомида Ўзбекистон делегацияси — Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихона вакиллари — Қатар Меҳнат вазири ўринбосари Shayna Najva Bint Abdulrahmon Al-Soniy билан учрашди.

Учрашувда Қатар томони ўзбекистонлик ишчилар учун квоталар сонини кескин оширишга тайёр эканини маълум қилди.

“Ҳозирда Қатарда 560 нафар ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда. Аммо бу салоҳиятнинг фақат кичик қисми, имкониятлар анча катта. Биз квоталарни бир неча баробар ошириш ва ўзбекистонликларни Қатарнинг етакчи компанияларига жалб этишга тайёрмиз”, — деди Shayna Najva Bint Abdulrahmon Al-Soniy

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Қатарнинг энг йирик рекрутинг компанияси “Jusour” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳужжатда тиббиёт, меҳмонхона бизнеси, туризм, IT ва муҳандислик соҳалари бўйича кадрларларни тайёрлаш ва Қатарда бандлигини таъминлашни назарда тутади.

Виза жараёнларида янги босқич

Қатар Ички ишлар вазирлиги билан учрашувда мамлакат раҳбарияти ўзбекистонликлар учун ишчи визаларни 10 кун ичида расмийлаштириш тизимини жорий этишга тайёр эканини маълум қилган. Бу меҳнат миграцияси жараёнларини сезиларли даражада енгиллаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда Қатар меҳнат бозори талабларига мос касбий ва тил тайёргарлик марказлари ташкил этиш бўйича келишилган.

Хулоса

Ўзбекистон ва Қатар меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида инсон капитали, билим ва малака алмашинуви орқали барқарор ривожланишга хизмат қилади.

“Меҳнат миграцияси инсон ва мамлакат иқтисодиётини ўсишига ижобий таъсир қилиши керак. Биз уни муносиб, қонуний ва истиқболли қилишга интиляпмиз”,
— дейилади Миграция агентлиги баёнотида.

 

 

Related