Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва аъзоларига

10 Noy 2025

Қадрли ватандошлар!

Мамлакатимиздаги энг оммавий фуқаролик институти аъзолари бўлган сиз, азизларни 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу байрамнинг юртимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги кенг нишонланаётган кунларда ўтаётгани унинг файзи ва шукуҳини янада оширмоқда.

Барчамиз яхши тушунамизки, Янги Ўзбекистон –  аввало, инсон ҳаёти, унинг саломатлиги, ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қиммати қонун асосида ишончли ҳимоя қилинадиган давлат дегани.

Шу боис, ўз сафларида саккиз миллионга яқин аъзони  бирлаштирган касаба уюшмаларининг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш, адолат ва тенглик тамойилларини таъминлаш борасидаги бир асрдан зиёд тажриба мактаби мамлакатимизда янги жамият, янги давлат барпо этишда биз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Бу ҳақиқатни чуқур тушунган касаба уюшмалари фаоллари ижтимоий соҳадаги дастурларимизни амалга ошириш, айниқса, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ёшлар, муҳтарам кексаларимиз, азиз аёлларимиз манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

Фақат сўнгги 5 йилда сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан қарийб 500 минг нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тиклангани, корхона ва муассасаларда 20 мингга яқин жамоатчилик назорати ва гендер тенгликка оид аудит тадбирлари ўтказилгани, меҳнат муҳофазаси юзасидан 21 мингдан ортиқ камчилик бартараф этилгани, салкам
1 миллион ходим ва уларнинг оила аъзолари, 1 минг 200 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторийларда соғломлаштирилгани, 800 минг нафардан зиёд болалар учун ёзги дам олиш имкониятлари яратилгани диққатга сазовордир.

Мамлакатимиз касаба уюшмаларининг хорижий мамлакатлардаги турдош ташкилот ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, Федерациямиз ўнга яқин халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзо бўлгани ҳам унинг кенг фаолиятидан далолат беради.

Ҳурматли дўстлар!

Яқинда сизлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган, ҳаракат тарихига ёрқин саҳифа бўлиб кирадиган учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, унинг тармоқлар ва жойлардаги бўлимлари фаолиятини атрофлича таҳлил этиб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олдик.

Ана шу учрашувда сизларнинг кўпгина соҳаларда ижтимоий шерикликни кенгайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона ва ташкилотларда ходимлар, айниқса, норасмий тарзда банд бўлган фуқаролар, хотин-қизлар ва ёшларнинг касб ва меҳнатга оид ҳуқуқларини таъминлаш тизимини кучайтириш, умуман, норасмий бандликка чек қўйиш бўйича ташаббусларингиз билан танишиб, соҳа ходимлари бутун халқимиз қатори ўз олдига улкан мақсадлар қўйиб яшаётганига яна бир бор амин бўлдим.

Турли ижтимоий-иқтисодий зиддиятларга тўла бўлган ҳозирги мураккаб замонда бундай кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш албатта осон эмас.

Бунинг учун, аввало, “яшил” иқтисодиёт ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган даврда меҳнат бозорида янгича муносабатлар шаклланаётгани, ўнлаб касблар бўйича платформали бандлик йўлга қўйилаётганини ҳисобга олиб, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ҳаёт ва хавфсизликни суғурталашга доир ҳуқуқий нормаларни қонунчилигимизда аниқ белгилаб қўйишимиз, шу асосда янгича иш тизимига ўтишимиз зарур.

Халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва ижтимоий ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимизнинг 2026-2030 йиллар учун мўлжалланган Муносиб меҳнат бўйича дастурини ишлаб чиқиш ва касаба уюшмалари фаолиятининг келгуси беш йиллик стратегик йўналишларини белгилаб олиш ҳам долзарб масаладир.

Ана шу вазифаларни самарали адо этишда ўз ҳаётини инсон манфаатларини ҳимоя қилишдек эзгу ишга бағишлаган, соҳада кўп йиллардан буён самарали хизмат қилиб келаётган Ўзбекистон касаба уюшмаларининг барча жонкуяр фаоллари ва аъзолари бой билим ва тажрибасини ишга солиб, фидокорона меҳнат қиладилар, деб ишонаман.

Ўз навбатида, биз ҳозирги ўта муҳим тараққиёт босқичида юртимизда меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда касаба уюшмаларининг давлат идоралари билан янада яқин ҳамкорликда иш олиб боришлари учун қўшимча шароит ва имкониятларни яратиб беришга тайёрмиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сизларни мамлакатимиз касаба уюшмаларининг қутлуғ айёмлари билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Related