
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 14-15 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Мамлакатимиз етакчиси Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этади.
Озарбайжон раислигида ўтказиладиган форум кун тартибидан Осиё қитъасида ишонч, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда Кенгашнинг институционал ривожланишини янада такомиллаштиришга оид долзарб масалалар ўрин олган.
Транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, рақамлаштириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилади.
Иштирокчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Тадбир якунлари бўйича Боку декларацияси ҳамда Ташкилотнинг роли ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.
Саммит доирасида Президент Шавкат Мирзиёев хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Таъкидлаш жоиз, ОҲИЧК Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро форум ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Кенгаш қитъа ҳудуди ва аҳолисининг қарийб 90 фоизини ташкил этувчи 28 та давлатни бирлаштирган.