Амир Темур жаҳон тарихида қудратли ва гуллаб-яшнаган давлат барпо этган буюк саркарда ва давлат арбоби сифатидагина мавқе тутмайди. Соҳибқирон ўз пойтахти бўлмиш Самарқандни ер юзининг маданий-меъморий ва илмий-маънавий марказларидан бирига айлантирган.
Шунинг учун Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва давлатдорлик иқтидори ва фаолияти, салтанати тарихи, ундаги илм-фан ва маданиятни ўрганиш тарихшуносликнинг йирик илмий йўналишларидан бири сифатида доимо жаҳон олимлари, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар диққат-эътиборида бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Темурийлар тарихига оид манбалар жаҳон миқёсида турли тилларга таржима қилинган ҳамда илмий тадқиқотлар амалга оширилган.
Дунё тарихшунослигида Амир Темур даврини ўрганишга оид нашрлар кун сайин ортиб бормоқда. Пировардида, жаҳон жамиятшунослигида “Темуршунослик” мустақил илмий йўналиши шаклланди.
Бугун Амир Темур ва Темурийлар сулоласининг дунё цивилизацияси ривожига, инсониятнинг илмий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-ғоявий, маданий ва тафаккур даражасининг кескин кўтарилишига қўшган ҳиссаси беқиёслиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. Темурийлар Уйғониш даврини бутун дунё тан олганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Француз олими Венсан Фурниё “Темурийлар даври Ренессанси” иборасини биринчи бўлиб қўллаганининг ўзи ҳам шундан далолатдир.
Жаҳон ҳамжамияти Темурийлар даврини илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт тараққиёти ҳамда улуғ кашфиёт ва ихтироларда ўз аксини топган давр, халқимизни эса – шу пайтгача икки маротаба Ренессансга асос солган халқ сифатида эътироф этади. Яъни, халқимиз ҳақли равишда том маънода кам сонли “Ренессанс ярата олган халқлар” сирасига киргани таҳсинга лойиқдир.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар орқали Янги Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кутилган натижалар беришига тўла асос бор деб баҳоланмоқда.
Миллат Сардорининг халқимиз олдидаги энг буюк хизматларидан бири ҳам айнан ўз юртига эгаликдан мосуво бўлган, фаровон ва яхши яшашдан умидини узган, келажакка ишонмай қўйган халқимизнинг қадди-қоматини ва синдирилган миллий ғурури тикланиши, Янги Ўзбекистонга хос онги шаклланиши, сўнган руҳи кўтарилиши, маънавий-маърифий қадриятлар ва тарихий шахсларга бўлган ҳурмат-эътибор қайтарилиши, деб қаралмоқда.
Ўзбекистон Республикаси тараққиётининг янги босқичида давлат ва жамиятнинг ҳар бир соҳасида тубдан янгиланиш ва юксалишлар билан бир қаторда миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий-ижтимоий ҳаётини барқарор изга тушириш ва ривожлантириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, тарихшуносликда ҳам аждодларимиз тарихини ўрганиш, уларга тўғри ва холис илмий баҳо бериш, шу асосда миллий қадриятларимизни тиклаш учун кенг йўл очилди. Зеро, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган улуғ тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор”.
Амир Темур: «Салом ва тинчлик эълон қиламан!»
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида ўзбек дипломатиясининг қадимги замонлардан бошлаб бугунги кунгача – мустақил Ўзбекистон дипломатияси шаклланиши ва тараққий этишигача бўлган даври атрофлича ва тизимли равишда ўрганилаётгани жуда муҳим. Хусусан, 2022 йилда чоп этилган “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китоби “Ўзбекистон тарихи” кўпжилдлигининг VII жилди ҳисобланади. Китоб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил январда Ўзбекистон дипломатлари билан учрашувда айтилган таклифларига амалий жавобдир.
Ўзбекистон дипломатияси тарихи ҳақида китоб чоп этилгани – катта сиёсий воқеа. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “бизнинг миллий давлатчилигимиз неча минг йиллик қадимий тарих ва бой маданиятга эга. Бинобарин, дипломатик муносабатлар ҳам тарихимизнинг энг чуқур қатламларига бориб тақалади. Бу ҳақиқат нафақат мамлакатимиз, балки дунё олимлари томонидан кенг эътироф этилган”.
Буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг энг ёрқин фазилатларидан бири шуки, у зот бундан олти аср аввал давлатлараро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, узоқ ва яқин халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш ўз салтанати истиқболини таъминлашнинг муҳим омили эканини теран англаган. Шу боис, Европа ва Осиёни боғлашга хизмат қилган улкан ишларни амалга оширган. Бир томондан – Хитой, Ҳиндистон, иккинчи томондан – Франция, Испания, Англия ва бошқа давлатлар билан алоқа ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга интилган.
Мамлакатимиз олимлари ва хорижлик мутахассислар томонидан илмий асосда эътироф этилганидек, Амир Темур тарихда ўз даврининг энг моҳир дипломати сифатида ҳам чуқур из қолдирган. Соҳибқирон буюк давлат арбоби сифатида ўз мақсадларига эришишда дипломатиянинг тинч йўли ва ҳарбий тадбирларни моҳирона қўшиб олиб борган.
Амир Темур барпо этган буюк салтанат ўша даврдан бошлаб нафақат қўшни мамлакатлар ва уларнинг подшоларини, балки узоқ юртлар ҳукмдорларини ҳам ўзига жалб этиб келган. Тарихий ҳужжатлар далолат беришича, XIV асрнинг 70-йиллариданоқ Европа давлатлари вакиллари Мовароуннаҳрга келиб, бу ердаги янги, мустақил давлатнинг қудрати ва салоҳияти билан жиддий қизиққанлар.
Соҳибқирон ҳам, ўз навбатида, айниқса, қудратли салтанат шакллангач, ўша даврнинг деярли барча йирик давлатлари ва уларнинг ҳукмдорлари билан фаол дипломатик алоқа ўрнатган. Турли давлатларга ўз Элчиларини юборган, шунингдек, унинг ҳузурига йўлланган хориж Элчиларини қабул қилган.
Амир Темур Кастилия ва Леон қироли Дон Энрике III (айрим манбаларда – Испания қироли Генрих III), Франция ҳукмдори Шарл VI (айрим манбаларда – Карл VI), Англия қироли Генрих IV саройига Элчилар юборгани, ўз навбатида, испаниялик, франциялик, англиялик, хитойлик ва бошқа бир қатор – жами 20 дан ортиқ хорижий давлат Элчиларини ўз пойтахти Самарқандда қабул қилгани ҳақида атрофлича баён этилган кўплаб тарихий ва илмий асарлар бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Тарихий манбаларда ёзилишича, 1402 йил 28 июлда Амир Темур ҳузурида ҳозир бўлган Кастилия ва Леон Қироли Дон Энрике III Элчилари сафида – Пайо де Сото Майор ва Эрнан Санчес де Паласуэлос ҳам бор бўлган. Элчиларнинг қайтиш пайти келганида Соҳибқирон икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида улар билан бирга қобилиятли беклардан Муҳаммад Кешийни ҳам мактуб ва совғалар билан Кастилияга Элчи қилиб жўнатади. Муҳаммад Кеший у ерга эсон-омон етиб бориб, мактуб ва совғаларни Дон Энрике III га топширади.
Маълумки, Амир Темур Насаф ва Кеш олимлари, диний ва дунёвий илмлардан хабардор, хорижий тилларни биладиган қобилиятли шахсларни ўз саройига ишга жалб этган. Улар турли лавозимлар қатори Элчилик вазифасини ҳам адо этишган. Масалан, Муҳаммад Кеший Соҳибқироннинг Элчиси сифатида маълум муддат Испанияда яшаб келган бўлса, Мавлоно Абдуллоҳ Кеший Амир Темур томонидан Миср султони Фаражга Элчи қилиб юборилади.
Амир Темур одатда Европа мамлакатларига масиҳийлик дини пешволарини Элчи қилиб юборган. Мусулмон дипломатлардан фақат Муҳаммад Кешийгина Европага боришга муяссар бўлган. Бу ҳам унинг қобилиятидан, бир неча тилларни, эҳтимол, Европа тилларидан бирини билганлигидан далолат беради.
Ўша даврда Амир Темурнинг шуҳрати бутун Европага тарқалган эди. Шу сабабли Муҳаммад Кеший Кастилия Қироли Дон Энрике III ҳузурида катта ҳурмат-эътибор билан кутиб олинади. У Қирол саройидаги ва йирик зодагонлар қасридаги қабулларда иштирок этади. Қирол унга Руи Гонсалес де Клавихо бошчилигидаги ўз Элчиларини қўшиб, ҳурмат-эҳтиром билан Самарқандга кузатиб қўяди.
Амир Темур дипломатиясининг ўзига хос томонларидан бири – у ўзининг барча мурожаатларида, ҳатто қатъий талаб шаклида ёзилган номаларида ҳам Шарқ дипломатияси этикетларига риоя қилган. Айрим юртлар хукмдорларининг қўпол шаклда, баъзи ҳолларда жаҳл ва жаҳолат билан ёзилган номаларига ҳам Соҳибқирон ҳамма вақт ўз фикрини аниқ баён қилган ҳолда маданият ва одоб билан жавоб қилганини ўша даврлардан мерос бўлиб қолган тарихий хатлар орқали билиб олиш қийин эмас. Амир Темурнинг Франция қироли Шарл VI га йўллаган мактубида «Салом ва тинчлик эълон қиламан!», деган сўзлар битилгани буни яққол тасдиқлайди.
Амир Темурнинг дипломатик ёзишмалари
Амир Темур ва Темурийларнинг моҳирона дипломатик фаолиятига ўша даврдан ҳозиргача сақланиб қолган ёзишмалар яққол гувоҳлик беради. Ҳозирги кунда Франциянинг миллий архивида 4 та хат сақланмоқда:
биринчиси, Амир Темурнинг Франция қироли Шарль IV га форс тилида ёзган хатининг асл нусхаси;
иккинчиси, шу хатнинг архиепископ Иоаннинг ўзи ёки унинг бирон замондоши лотин тилига таржима қилган нусхаси;
учинчиси, Франция қироли Шарль IV нинг Амир Темурга лотин тилида ёзган хатининг нусхаси;
тўртинчиси, Мироншоҳ Мирзонинг Европанинг уч қиролига йўллаган хатининг лотин тилига таржима қилинган нусхаси. Унинг асл нусхасини Иоанн ўзида сақлаган ва кейинчалик Англия қиролига кўрсатган.
Амир Темур ва Европа ўртасидаги муносабатларнинг собиқ иттифоқ даврида ўрганилиши ҳақида сўз борганда, И.Умняковнинг «XV аср бошларида Ўрта Осиёнинг халқаро муносабатлари. Амир Темурнинг Византия ва Франция билан алоқалари» мавзусидаги мақоласи ва бошқа асарлари анча мазмунли эканини қайд этиш ўринлидир.
Амир Темур Ғарбий Европанинг олис давлатлари, хусусан, Валуа династияси намояндаси – Франция қироли Шарль VI (1380—1422-йиллар) ва Англия қироли Генрих IV (1399—1413-йиллар) билан ҳам дипломатик ёзишмалар олиб борган. Амир Темур ва Шарль VI ўртасидаги 1402—1403-йиллар ёзишмаларига доир дастлабки мухтасар маълумотни XIХ аср бошларида яшаб ўтган француз тарихчиси Флоссан 1811 йили нашрдан чиққан тадқиқотида келтирган.
Амир Темурнинг Шарль VI га мактуби форсий тилда, Шарқ ҳукмдорларининг услубига ўхшамайдиган, ноодатий усулда ёзилган. Мактубда «ваъзхон руҳоний Франциск» Франция қиролидан Амир Темурга мактублар олиб келгани ҳақида сўз боради.
Билишимизча, Амир Темур билан Шарль VI ўртасида Кастилия қироли Генрих III ўртасида бўлгани каби расмий Элчилар алмашуви бўлмаган. Айни чоғда, мактуб матнидан шундай мазмун келиб чиқадики, Амир Темур илгари ҳам Франциядан мактублар олиб турган. Лекин бу хатлар бизгача етиб келмаган.
Мазкур мактубнинг асл нусха эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Буни хатнинг икки жойига Амир Темурнинг мўъжаз муҳри босилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Хатдаги муҳрнинг ҳақиқатан ҳам Соҳибқиронга тегишли экани аксарият тарихчилар, шу жумладан, Элчи Клавихо ва муаррих ибн Арабшоҳ томонидан исботланган.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, Клавихо – Амир Темурни кўриб, у билан бевосита суҳбатлари асосида хотиралар ёзган саноқли, яъни тўрт кишидан бири. Бу ҳолат Ибн Арабшоҳ, Ибн Халдун, архиепископ Иоанн яратган хотиралар каби испан Элчиси кундаликларининг ҳам ҳаққонийлигини янада оширади. Бинобарин, ҳаққонийлик – ҳақиқат ва адолатга элтувчи йўлдир.
Париждаги Миллий кутубхонада Амир Темурнинг Шарль VI га юборган иккинчи мактуби сақланмоқда. Бу хатнинг лотинча таржимаси бизгача етиб келган бўлиб, илк бор Сильвестр де Саси томонидан чоп этилган.
Шу билан бирга, Шарль VI томонидан Амир Темурга юборилган мактубнинг лотинча таржимаси ҳам мавжуд. Бу Франция қиролининг Соҳибқиронга йўллаган хатлари орасидан бугунги кунгача сақланиб келаётган ягона мактуб сифатида алоҳида қимматга эга бўлган ноёб ҳужжатдир. Амир Темурнинг ҳар иккала мактубига 1402 йил 1 август санаси қўйилган бўлса, Шарль VI мактубига 1403 йил 15 июнь санаси битилган.
Амир Темур ҳазратларининг ташқи сиёсати, дипломатик ёзишмалари дунё олимлари, шу жумладан, мамлакатимиз мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилган ва ўрганилмоқда. Бундан бир муддат олдин Франциянинг таниқли шарқшунос, бобуршунос олими Жан-Луи Бакэ-Граммон билан Парижда учрашганимизда, у менга руминиялик тарихчи ва туркшунос олим Мария-Матильда Александреску-Дерска хоним қаламига мансуб «Амир Темурнинг Анатолияга юриши (1402)» номли китобининг 1942 йилда нашр этилган нодир нусхасини тақдим этганди.
Амир Темур мактублари бундан қарийб етти аср аввал ёзилганига қарамай, улардаги айрим жиҳатлар худди бугунги кунимизнинг ўта муҳим даъвати каби жаранглаб турибди: дунё тожирлар билан ободлиги, салтанатнинг улуғворлиги аввало ўзга салтанатлар улуғворлигини эътироф этиш, расмий ва ғайрирасмий тафовутларга қарамай, фуқароларнинг иззат-икромини бажо келтириш, инсоний ҳуқуқ ва эркинликларга қатъий амал қилиш билан белгиланиши англаб етилмокда.
Бундан ташқари, Темурийларнинг дипломатик ёзишмаларига ашёвий далил тариқасида Амир Темур ва унинг учинчи ўғли — Ғарбий Эрон, Ироқ ва Озарбайжон ҳокими Мироншоҳ Мирзо билан Франция, Англия, Кастилия ва бошқа мамлакатлар қироллари ўртасидаги мактубларни кўрсатиш мумкин. Ушбу мактублардан айримлари Франция миллий архивида, Британия музейида ва Испания архивларида сақланмоқда.
Амир Темур ва Темурийларнинг дипломатик ёзишмалари, биринчидан, Европа ўзидан анча аввал уйғонган Шарққа ҳамиша қўл чўзиб келганини, иккинчидан, Шарқ ҳам бу ўлкалар билан алоқа боғлашга, ҳамкорлик қилишга, савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйишга, эътиқодий тафовутларга қарамасдан тужжорларни иззатлашга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этишга ҳаракат қилганини яққол кўрсатиб турибди.
Акмал САИДОВ,
академик