Бугун дунёда сув ресурсларига талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Ҳозирги шароитда Марказий Осиёнинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, тараққиётга эришишнинг муҳим омилларидан биридир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан глобал экологик таҳдидларнинг олдини олиш, хусусан, сув хавфсизлиги борасида илгари сурилаётган конструктив таклифлар ва амалий ташаббуслар минтақа мамлакатлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Бу жараёнда қишлоқ хўжалигида мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда замонавий суғориш технологияларини кенг жорий қилиш энг мақбул ечим сифатида қаралмоқда. Бу тизим нафақат сув, балки минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, ишчи кучи кабиларга сарф-харажатларни тежаши билан бирга ҳосилдорликни ошириши нуқтаи назаридан унинг жозибадорлиги юқори.
Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг илк давридаёқ сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистонни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясида республикамизда суғорма деҳқончилик қилинадиган барча майдонларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам шу масалага эътибор қаратиб, 2026 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига жами 3 трлн. 300 млрд. сўм йўналтирилишини айтиб ўтдилар (тахминан 275 млн. доллар).
Таҳлиллар шуни кўрсатдки, мамлакатимизда 2019 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилгани, жумладан, субсидиялар ажратилаётгани катта самара бериб, кластер ташкилотлари ва фермерларни рағбатлантирмоқда.
Ўтган даврда сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари йилдан йилга такомиллаштирилди.
Натижада 2019-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 664 минг гектарда томчилатиб, 124 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди, шунингдек, 124 минг гектар майдонлар эгилувчан қувур орқали ва эгатга плёнка тўшаб суғорилди ҳамда 1,6 млн. гектар майдонлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Шу соҳани ичида юрган мутахассис сифатида айтишим керак, сув тежовчи технологияларнинг томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулда суғориш усуллари деҳқонларимиз ўртасида оммалашиб бормоқда.
Жорий йилнинг 3 февраль куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимотда қатнашдик.
Тақдимотда бу борадаги ишлар қамровини янада кенгайтириш бўйича ишланган янги таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, 2028 йилга қадар сув тежовчи технологияларни 930 минг гектар ерда ўрнатиб, бундай майдонларни 3,5 млн. гектарга ёки жами суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалаштирилган.
Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали тежалган сув ресурслари сув таъминоти оғир ҳудудда жойлашган фермерларга кафолатли етказиб берилишига замин яратади. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун янги тартиб ва имтиёзлар жорий этилмоқда.
Жумладан, 2026–2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 млн. гектарга етказиш асосий мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Бунда 220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 110 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш, 600 минг гектар майдонни лазерли текислаш кўзда тутилган.
2026 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун тижорат банклари томонидан 2,6 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилади ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 800 млрд. сўм субсидия маблағлари йўналтирилади.
Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича Хитойнинг Шинжон тажрибаси асосида мутахассис кадрлар малакасини тизимли ошириш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби жорий қилинади. Унга кўра:
2027 йилдан бошлаб ҳар йили сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва субсидиялар суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади;
сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда, ажратиладиган субсидияларга 1,25 оширувчи коэффициент қўллаган ҳолда ҳисобланади;
сув билан барқарор таъминланган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар оширилган миқдорда қўлланилади;
2026 йил 1 апрелдан бошлаб сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ва Давлат бюджетидан субсидия ажратилган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар ёки уларнинг асосий қисмларини ишлатмасдан, анъанавий усулда суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади ва фойдаланилган ҳар минг куб метр сув учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий санкцияларни қўллашга асос бўлади.
Ўзбекистонда соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш – долзарб масала. Давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтган тақдимотда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш юзасидан режалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида жорий йилда 10 мингта фермер хўжаликлари ходимларининг малакаси оширилади, 358 нафар сув хўжалиги ходими малака ошириш учун хорижга юборилади.
Қарорда ҳам таълим ва малака ошириш инобатга олинган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети билан биргаликда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб соҳадаги олий таълим муассасаларини жалб қилиб, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳадаги мутахассислар малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўради.
Хулоса қилиб айтганда, республикамизда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ва бу борадаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди.
Энди сувдан шунчаки фойдаланмаслигимиз лозим. Сувни тежашни умуммиллий қадриятимиз даражасига кўтариш даври келди.
Дауранбек Кдирбаев,
Сув хўжалиги вазирлигининг
Сув тежайдиган технологияларни
жорий қилиш бошқармаси бошлиғи