Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Қува Агростар” корхонаси фаолияти билан танишди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида маҳсулотни етиштирибгина қолмай, юқори қўшилган қиймат яратиш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда “Uzagrostar xolding” компанияси ташкил этилиб, унинг таъсисчилигида 21 та туманда ихтисослаштирилган аграр мажмуалар иш бошлади.
Соҳадаги асосий муаммолардан бири ишлаб чиқариш занжирининг тарқоқлиги эди. Деҳқон маҳсулот етиштирар, аммо уни сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва ташқи бозорга чиқариш имконияти чекланган эди. Ихтисослашган агрокомплекслар эса айнан шу бўшлиқни тўлдирмоқда.
Улардан бири “Қува Агростар” корхонаси. Қува туманида жойлашган мажмуа йилига 12 турдаги 5 минг тонна маҳсулотни етиштиришдан тортиб, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортгача бўлган жараёнларни ягона занжирда бирлаштирган.
Корхонанинг Италия, Испания, Германия ва Хитойдан келтирилган замонавий технологиялари ва Global GAP, ISO 22000, Halal ва HACCP каби халқаро сертификатлари маҳсулот сифати ва миллий брендга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тизимли ёндашув натижасида 2025 йилда илк бор Япония ва Жанубий Корея каби талабчан бозорларга авиатранспорт орқали маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда 25 миллион долларлик маҳсулотни ташқи бозорга етказиш режалаштирилган.
Тумандаги 33 та маҳалладан 3 мингта хонадон ва 1 мингта деҳқон хўжалиги билан кооперация алоқалари йўлга қўйилган. Одамларга 10 сотих томорқадан 250 миллион сўмгача даромад олиш амалиёти ўргатилмоқда.
Шу ернинг ўзида аҳолига томорқадан самарали фойдаланишни ўргатиш ва маҳаллаларни чуқур ихтисослаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди.
Томорқа шунчаки қўшимча даромад манбаи эмас, балки оилавий тадбиркорликнинг самарали йўналишига айланиши муҳим экани таъкидланди. Аҳолига уруғ танлаш, агротехник тадбирларни тўғри бажариш, сифатли ҳосил олиш, маҳсулотни бозор талабига мос ҳолда тайёрлаш ва экспорт стандартларига мувофиқ қадоқлаш бўйича амалий кўникмалар бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари “Қува Агростар” эришган натижаларни юқори баҳолаб, ердан самарали фойдаланиш, маҳсулотни чуқур қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш, энг муҳими, деҳқон ва томорқа эгалари даромадини сезиларли даражада ошириш муҳим эканини таъкидлади. Шу мақсадда Фарғона вилоятида 50 минг гектар ер майдонида тажриба тариқасида илғор агротехнологияларга асосланган қишлоқ хўжалиги тизими жорий этилиши белгиланди.
