Марказий Осиё ва Озарбайжон: ягона транспорт маконини шакллантириш истиқболлари

21 Iyul 2026

Жаҳон иқтисодиётида глобал таъминот занжирларининг трансформацияси ва геосиёсий вазиятнинг жадал ўзгариши шароитида Осиё ва Европани боғловчи барқарор ҳамда хавфсиз транспорт йўлакларини шакллантириш масаласи алоҳида долзарблик касб этмоқда. Бундай шароитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлиги минтақавий савдонинг барқарорлигини таъминлаш, транспорт маршрутларини диверсификация қилиш ва Евроосиё маконида иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришнинг муҳим омилига айланиб бормоқда.

Марказий Осиё ва Озарбайжонни кўп асрлик тарих, маданият, дин ва муштарак қадриятлар бирлаштириб туради. Бугунги кунда ушбу ягона тарихий-маданий макон тобора ортиб бораётган стратегик аҳамиятга эга геоиқтисодий ҳудуд сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Озарбайжон географик жойлашувига кўра Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа давлатлари билан боғловчи кўприк ҳисобланади. Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари Озарбайжон учун Хитой ва Жанубий Осиёнинг жадал ўсиб бораётган бозорларига чиқиш имкониятини очиб беради. Мана шундай ўзаро тўлдирувчанлик узоқ муддатли транспорт-логистика ҳамкорлиги учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Минтақавий ҳамкорликнинг институционал ривожланишида 2025 йил 15–16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви тарихий аҳамият касб этди. Саммитнинг энг муҳим якунларидан бири – Озарбайжоннинг ушбу форматга тўлақонли иштирокчи сифатида қабул қилиниши бўлди. Барча давлат раҳбарлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган мазкур қўшилиш натижасида «Марказий Осиё ва Озарбайжон» янги форматидаги ҳамкорлик шаклланди.

Ушбу ҳамкорликнинг марказида Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта йўлак) туради. Сўнгги йилларда мазкур йўналишга бўлган эътибор изчил ортиб бормоқда: 2025 йил якунига кўра Ўрта йўлак орқали умумий юк ташиш ҳажми 4,7 млн тоннадан ошди.

Ўзбекистон учун ушбу йўналишнинг аҳамияти алоҳида яққол намоён бўлмоқда. Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон юкларининг Ўрта йўлак орқали ташиш ҳажми икки баробарга ўсиб, 2025 йил якунига келиб 1,3 млн тоннага етди. Агар 2021 йилда Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ушбу йўлак орқали ташилган юкларнинг улуши 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб мазкур кўрсаткич 28 фоизга кўтарилди.

Ўзбекистон юклари учун Транскаспий транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини 1,5 миллион тоннага етказиш мақсадида қўшма Ишчи гуруҳ учрашувлари мунтазам ўтказилиб, Каспий денгизи орқали юк ташиш салоҳиятини кенгайтириш ва юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар, шунингдек, кема харид қилиш масалалари муҳокама қилиб келинмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон республика ҳудудидан ўтувчи халқаро транспорт йўлакларининг жозибадорлигини ошириш ҳамда Марказий Осиёни Евроосиё транспорт тармоғи билан боғловчи муқобил транспорт маршрутларини шакллантириш мақсадида бир қатор стратегик аҳамиятга эга инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқда. Улар қаторида Ўзбекистоннинг фаол иштирокида амалга оширилаётган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши лойиҳаси алоҳида ўрин тутади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур йўл Хитойдан Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига олиб борадиган энг қисқа йўлакни шакллантириб, масофани 900 километрга, юкларни етказиб бериш вақтини эса 7-8 кунга қисқартиради. Лойиҳа ишга туширилгач, ушбу йўналиш, шу жумладан, Ўрта йўлак орқали ўтувчи юк оқимининг келажакда кескин ошиши кутилмоқда.

Темир йўл қурилиши якунлангунга қадар Ўзбекистон мавжуд халқаро автомобиль йўллари тармоғидан фойдаланган ҳолда, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» маршрути бўйича юк ташувларни ташкил этиш орқали ушбу йўналишни ривожлантириб бормоқда.

Юк оқимларини мувофиқлаштиришнинг самарали механизми сифатида «Осиё-Тинч океани мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа» (CASCA+) халқаро мультимодал маршрути фаол ривожлантирилмоқда. 2025 йилда ушбу маршрут доирасида 6 722 ТEU ҳажмида контейнер ташувлари амалга оширилиб, 2024 йилга нисбатан ўсиш 47 фоизни ташкил этди. Маршрут иштирокчиси бўлган темир йўл маъмуриятлари томонидан ҳар йили 70 фоизгача тариф преференциялари тақдим этилаётгани ўзаро манфаатли ташувлар ҳажмининг изчил ошишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Тожикистон темир йўл идоралари иштирокида «Евроосиё транспорт маршрути» ассоциациясининг ташкил этилгани йўлакдаги логистик тўсиқларни тезкор бартараф этишнинг институционал платформасини яратди.

Яна бир истиқболли транспорт йўналишлардан «Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» халқаро транспорт йўлаги бўлиб, у Европа ва МДҲ давлатларидан Ҳинд океани портларигача бўлган масофани амалдаги йўлакларга нисбатан 1 000 километргача қисқартириш имконини беради ҳамда минтақавий боғлиқликнинг янги ўлчамини яратади.

Мазкур маршрутнинг мавжуд транспорт йўналишлари билан уйғунликда ривожлантирилиши Евроосиё минтақасининг салмоқли қисмини қамраб олувчи янги мультимодал транспорт йўлагини шакллантириш учун замин яратади:

«Жанубий Осиё давлатлари (Покистон, Ҳиндистон) – Афғонистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Озарбайжон – Грузия (Қора денгиз портлари) – Европа Иттифоқи»[1].

Шунингдек, инфратузилмавий боғлиқликдан ташқари Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасида транспорт соҳасидаги рақамли интеграция ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Бу борада Ўзбекистон ташаббуси билан халқаро автомобиль юк ташувларида рухсатнома бланкаларини электрон шаклда алмашиш имконини берувчи e-Permit тизимининг жорий этилиши муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, 2025 йилдан мазкур тизим Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида йўлга қўйилиб, ташувчилар учун маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, божхона расмийлаштирувини тезлаштириш ҳамда инсон омилини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Эътиборлиси, жаҳон амалиётида электрон рухсатномалар алмашинуви тизими илк бор 2021 йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида жорий этилган эди. Кейинги йилларда мазкур тажриба босқичма-босқич кенгайтирилиб, 2024 йилда Қозоғистон, 2025 йилда Озарбайжон ва Қирғизистон, 2026 йилда эса Тожикистон, Туркманистон ва Хитой билан ҳам татбиқ этилди. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро транспорт жараёнларини рақамлаштириш соҳасида нафақат минтақада, балки глобал миқёсда ҳам илғор тажриба шакллантираётган давлатлардан бирига айланаётганини кўрсатади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги стратегик шериклик минтақаларни ўзаро боғлабгина қолмай, бутун Евроосиё маконида юк ташиш занжирларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига тўлақонли қўшилиши, йирик темир йўл лойиҳаларининг фаол амалга оширилиши, рақамли ечимларнинг кенг жорий этилиши ҳамда институционал механизмларнинг мустаҳкамланиши ягона транспорт маконини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқда. Бу эса, ўз навбатида, минтақа давлатларининг глобал таъминот занжирларига узвий интеграциялашувини таъминлаб, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг халқаро транзит тизимидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги
Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш Маркази етакчи мутахассиси Ш.Ахмедов

 

 

[1]Ибрагимов У., Ибрагимова Д. Взаимосвязанность Центральной и Южной Азии – новый тренд экономического развития Евразии. Журнал МИЦА: “Journal of Central Asia Economy”. – 2021. – Том 5. – № 4.октябрь-декабрь 2021 – doi:10.18334/asia.5.4.113636, импакт-фактор РИНЦ – 0,547 (ВАК)//https://1economic.ru/lib/113636#

 

Related