Ўзбекистон Президенти Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раисликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

22 Apr 2026

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва ОҚХЖнинг Ижроия қўмитаси раиси Асхат Оразбай ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, Қозоғистоннинг 2023-2026 йилларда ОҚХЖга раислигининг натижалари сарҳисоб қилиниб, Орол денгизи ҳавзасида экология, сув ресурсларини бошқариш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ноёб минтақавий тузилма сифатида фаолият юритиб келаётганини, Марказий Осиёда сув тақчиллигининг кучайишига сабаб бўлаётган иқлим ўзгаришлари ва сув истеъмоли кўпайиб бораётган шароитда унинг роли ва аҳамияти янада ортаётганини таъкидлади.

– Экспертларнинг баҳоларига кўра, 2040 йилга бориб, Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари тақчиллиги деярли икки баробар – йилига 20 миллиард куб метргача ошиши мумкин. Бу ичимлик суви таъминоти, экология, аграр сектор, энергетика ва ижтимоий барқарорлик учун қўшимча хавф-хатарларни юзага келтиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундай бир пайтда минтақа мамлакатлари сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги бўйича энг қуйи ўринларни эгаллаб турибди. Қишлоқ хўжалигида бир доллар миқдоридаги қўшилган қийматни яратиш учун мамлакатларимиз деярли уч куб метр сув сарф этмоқда, дунёда эса бу кўрсаткич ўртача икки баробар кам.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга батафсил тўхталиб ўтди. Қисқа муддатда Ўзбекистондаги барча суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди, ирригация тармоқларини бетонлаш 40 фоизга етказилди. Насос станцияларини модернизация қилиш ҳисобига сув хўжалигида энергия истеъмоли қарийб 30 фоизга қисқартирилди.

Олти юз мингдан ортиқ сувдан фойдаланувчилар ва 4 миллион гектардан зиёд суғориладиган ерларни қамраб оладиган ягона рақамли маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.

Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши туфайли ҳар йили 10 миллиард куб метрдан ортиқ сув ресурсларини тежаш таъминланмоқда. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич 15 миллиард куб метрни ташкил этади.

Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси комплекс ва изчил характерга эга бўлиб, ўтган йили қабул қилинган Сув кодексида ўз ифодасини топган.

Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон жамғармани минтақавий интеграциянинг муҳим драйверларидан бирига айлантиришга эришишни мақсад қилганини билдирди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг келгуси йилдан бошланадиган ОҚХЖга раислиги давридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.

Аввало, жамғарманинг фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш, унинг  тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Жамғарма органларининг ваколатларини кенгайтириш, уларнинг мақоми ва масъулиятини ошириш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.

Қирғизистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятидаги тўлақонли иштироки қайта тикланишига умид билдирилди. Бу жамғарманинг янада мутаносиб ва узоқ муддатли қарорлар қабул қилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси ОҚХЖ кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштиришга чақирди. Маслаҳат учрашувлари давомида олий даражада келишилган барқарор ривожланишнинг устувор йўналишлари жамғарманинг тармоқ механизмлари орқали ҳам амалиётга татбиқ этилиши мумкинлиги таъкидланди.

Жамғарма дастур ва лойиҳалари самарадорлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Орол денгизи ҳавзаси бўйича тўртинчи дастур ижроси мониторингига самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини киритиш таклиф қилинди. Бу ижобий ўзгаришларни кузатиш, муаммоли жиҳатларни аниқлаш ҳамда халқаро ҳамкорлардан қўшимча маблағлар ва техник кўмак жалб этишга ёрдам беради.

Устувор дастурлар учун мавжуд таъсирчан молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондининг мандати ва географик қамровини бутун Орол денгизи ҳавзасига кенгайтириш имкониятини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.

– Бу барча давлатларимиз ҳудудида ҳаётий муҳим экологик ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун мақсадли инвестицияларни йўналтириш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

ОҚХЖ ва бошқа минтақавий тузилмалар ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласининг долзарблигига урғу берилди. Жамғарма сув-энергетика масалалари, музликлар ва тоғ экотизимларини сақлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чўлланишга қарши курашиш бўйича самарали минтақавий платформалар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур. Бунга мисол сифатида жамғармага Тошкентдаги Яшил университет қошидаги Чўлланишга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.

Ўзбекистон Президенти халқларимизнинг сувга ҳаёт манбаи сифатида эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш борасидаги кўп асрлик анъаналарини қайта тиклаш заруратига алоҳида эътибор қаратди.

– Кўриниб турибдики, агар жамиятнинг сувга бўлган муносабати ўзгармаса, ҳеч қандай муҳандислик ечимлари кутилган самарани бермайди. Узлуксиз таълим тизими орқали – мактабгача таълим даражасидан то мутахассисларни тайёрлашгача – сувдан оқилона фойдаланишни ҳар бир кишининг кундалик одатига, умумий маданий кодимизга айлантиришга интилишимиз лозим, – деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, асосий қисми фермерлар ва саноатчиларни сувни тежовчи замонавий технологиялардан фойдаланишга амалий жиҳатдан ўргатадиган “Келажак суви” минтақавий дастурини ишга тушириш таклиф этилди.

Ўзбекистон етакчиси Афғонистон билан конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни иқлим, экология, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликка жалб этиш муҳимлигини таъкидлади. Бугунги кунда Афғонистонда қирғоқларни мустаҳкамлаш ва мелиорация ишларини олиб бориш учун халқаро донорларнинг молиявий маблағларини жалб этиш долзарбдир.

Истиқболда Орол ҳавзасидаги барча мамлакатлар, шу жумладан, Афғонистоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий шартномавий-ҳуқуқий базани шакллантириш зарур.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ва минтақа мамлакатларида Сув ҳафталикларини мунтазам ўтказиб боришга қаратилган ташаббуслар амалга оширилишининг қўллаб-қувватланишига умид билдирди.

Ўзбекистон Президенти қўшни мамлакатлар етакчиларини шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумида иштирок этишга яна бир бор таклиф этди.

ОҚХЖ йиғилишида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ҳам сўзга чиқдилар.

Тадбир якунида етакчилар Остона баёнотини, Қозоғистон раислигининг бориши тўғрисида, 26 мартни Халқаро Орол денгизи, Амударё ҳамда Сирдарё куни деб эълон қилиш тўғрисида ҳамда Ўзбекистон етакчисини 2027-2029 йилларда жамғарма президенти этиб сайлаш тўғрисидаги қарорларни имзоладилар.

Related