Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитидаги нутқи

15 Okt 2026

Ҳурматли Илҳом Гейдарович!

Ҳурматли давлатлар ва делегациялар раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бетакрор Озарбайжон заминига яна бир бор ташриф буюриш ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммити иштирокчиларини қутлаш шарафига муяссар бўлганимдан беҳад мамнунман.

Авваламбор, Озарбайжон Республикаси Президенти, ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиевга самимий қабул ҳамда саммитни юксак даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдираман.

Ҳозирги мураккаб даврда Сизнинг муваффақиятли етакчилигингизда Озарбайжон жадал ривожланмоқда, унинг жаҳондаги обрў-эътибори ва нуфузи ошмоқда, қардош халқингизнинг фаровонлиги изчил ўсмоқда. Бу бизда мамлакат раҳбариятига нисбатан юксак ҳурмат туйғуларини кучайтирмоқда.

Шунингдек, биз Озарбайжоннинг ушбу Кенгашдаги самарали раислигини юқори баҳолаймиз. Бу даврда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш доирасида ўзаро мулоқотимиз янада мазмунли тус олиб, амалий натижаларга бой бўлди.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Ҳаммамиз гувоҳмиз, бугунги кунда дунё чуқур геосиёсий ўзгаришларни бошидан кечирмоқда.

Янги таҳдид ва хатарлар пайдо бўлмоқда. Бу вазият биздан янада яқин ҳамкорлик ва биргаликда қарорлар қабул қилишни талаб этади.

Айниқса, Осиёнинг турли ҳудудларидаги қуролли низолар барчамизни чуқур хавотирга солмоқда. Уларнинг оқибатлари можаро ҳудудидан ташқарига чиқиб кетмоқда, сиз билан биз яшаётган минтақа хавфсизлигига жиддий путур етказмоқда, глобал иқтисодиётга зарар келтирмоқда ва миллионлаб инсонлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ ва қатъий: ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий-дипломатик воситалар орқали, халқаро ҳуқуқ ва барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал этилиши зарур.

Қитъамизда низоларнинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик ғоят муҳим. Биз Яқин Шарқдаги қарама-қаршилик ва Ғазодаги гуманитар вазиятни катта ташвиш билан кузатиб боряпмиз. Ушбу минтақада тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз.

Мулоқот сусайган жойда нотўғри қарорлар қабул қилиш хавфи ортади. Шу боис биз сиёсий келишмовчиликлар қуролли тўқнашувларга айланиб кетмаслиги учун барча имкониятларни ишга солишимиз зарур. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ўрни ва таъсир кучини айнан шунда кўрамиз. Кенгашнинг асосий мақсади Осиёда ўзаро ҳамкорликнинг яхлит инфратузилмасини шакллантириш бўлиши керак.

Бу ўринда гап ўзаро уйғун ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган ҳаракатлар, зиммамизга олган мажбуриятларни бажариш асосидаги муносабатларнинг барқарор тизимини яратиш ҳақида бормоқда. Бу низоларнинг олдини олиш ва ўзаро мақбул қарорларни топиш имконини беради.

Шу муносабат билан биз Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Ушбу ҳужжатда Кенгашни узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқликни ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилиши лозим. Хусусан, транспорт ва энергетика бўйича қўшма лойиҳалар, савдо ва рақамли алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашувлар катта аҳамиятга эга.

Сиёсий вазият қандай бўлишидан қатъи назар, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч муносабатларимизнинг доимий ва мустаҳкам пойдеворига айланиши шарт.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ҳозирги шиддатли технологик тараққиёт ва иқлим ўзгаришлари барчамизнинг олдимизга янги вазифаларни қўймоқда.

Маълумки, сунъий интеллект кундалик ҳаётимизни тез ўзгартирмоқда. У чексиз имкониятлар яратиш билан бирга, жиддий хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Эндиликда биз рақамли тараққиёт барчага бирдек фойда келтириши, технологик ривожланишдаги фарқ қисқариши учун бор имкониятларни сафарбар этишимиз зарур. Шу мақсадда Технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббусини илгари сурамиз. Бунинг учун Кенгаш доирасида Экспертлар майдонини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Унда мамлакатларимиз мутахассислари умумий тавсияларни ишлаб чиқиши ва амалий чораларни келишиб олиши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, Кенгаш иқлим ўзгаришларига мослашиш учун давлатларнинг куч ва имкониятларини бирлаштира олади, деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун Иқлим барқарорлиги соҳасида шериклик қилиш бўйича ташаббусни таклиф этамиз. Бу сувни тежайдиган технологияларни биргаликда жорий этиш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва атроф-муҳит ҳолатини доимий кузатиб бориш имконини беради. Шу тариқа эҳтимолий хавф-хатарларни камайтиришимиз ва келажак авлодлар учун табиий ресурсларни сақлаб қолишимиз мумкин.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ўзбекистон Кенгашнинг Инсон мезони бўйича координатори сифатида таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.

Биз келгуси йили Инсон салоҳиятини ривожлантириш бўйича форумни ўтказишга тайёрмиз. Мазкур анжуманда ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш, сифатли таълимдан фойдаланиш, рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалаларни алоҳида кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Ушбу соҳадаги қўшма ҳамкорлигимиз янада изчил бўлиши учун Кенгашнинг яқин икки йилга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Келгуси йили Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатининг йигирманчи саммитига мезбон бўлади ва мамлакатимиз 2030 йилга қадар ушбу ташкилотга раислик қилади.

Қўшилмаслик ҳаракати ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг мақсад ва тамойиллари кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшаш ва яқиндир.

Тошкент саммити халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва низоларнинг олдини олиш тизимини шакллантиришда муҳим воқеа бўлишига умид қиламиз. Барчангизни ушбу форумда иштирок этишга таклиф қиламан.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Сўзимнинг якунида шуни алоҳида таъкидламоқчиман: Ўзбекистон Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашнинг ташкилий асосларини янада мустаҳкамлаш ва унинг низомини такомиллаштириш борасидаги ишларни қўллаб-қувватлайди. Бу ерда илгари сурилаётган ташаббуслар ўз амалий ижросини топиши муҳимдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Лаоснинг Кенгашга аъзо давлат мақомини олгани муносабати билан ҳурматли Президент Тхонглун Сисулит Жаноби Олийларини табриклайман.

Кенгашнинг Бош котиби лавозимига Озарбайжон вакили номзодини қўллаб-қувватлаймиз. Озарбайжон томонининг Кенгашга раисликни 2028 йилгача давом эттириш ниятини олқишлаймиз. Ушбу масъулиятли миссияни бажаришда улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Related