Тўқимачилик саноатида йил якунлари ҳамда келгуси устувор вазифалар кўриб чиқилди

23 Dek 2025

Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни тўқимачилик саноатида 2025 йил якунлари ҳамда келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Жорий йилда тармоқда эришилган натижалар, ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиш динамикаси, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган мақсадли режалар атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, 2025 йилда тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 134 триллион сўмни ташкил этган. Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 2,1 миллиард долларга етган. Экспорт ҳажми эса 2,5 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш таъминланган. Тармоқда банд аҳоли сони 623 минг нафарга етгани, келгуси йилда ушбу кўрсаткични 650 минг нафаргача ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.

2026 йилда пахта хомашёсини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш ҳамда газлама, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш кўзда тутилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 147 триллион сўмга, экспортни эса 3,3 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Тармоққа 2,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режа қилинган. Бунинг эвазига 207 минг тонналик синтетик, аралаш ип, 397 миллион квадрат метрлик газлама, 224 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда 108 миллион квадрат метр мато бўяш бўйича қўшимча қувватлар барпо этилади.

Шу билан бирга, тармоқни барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим омиллар ҳам қайд этилди. Хусусан, пахта толасига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланаётгани, молиявий ресурслар қийматининг юқорилиги, ташқи бозорларда логистика харажатлари ортиши ва айрим йўналишларда малакали мутахассислар етишмаслиги соҳа олдида турган долзарб вазифалар сифатида кўрсатиб ўтилди.

Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2026 йил учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, корхоналарга айланма маблағ учун 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, 138 та корхонани молиявий соғломлаштириш, 100 та янги корхонани экспорт фаолиятига жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. “Better Work”, “BCI”, “FWF”, “Organic EU” каби дастурлар 60 та корхонада татбиқ этилади, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари 15 та корхонада жорий қилинади. Шунингдек, тайёр маҳсулотлар сифати бўйича 24 турдаги таҳлилларни ўтказувчи замонавий тўқимачилик лабораторияси ташкил этилади.

Тармоқда рақамлаштиришни жадаллаштириш, ERP тизимлари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Бу жараёнга 40 та корхона жалб этилади.

Хорижий ҳамкорликни кенгайтириш доирасида халқаро сорсинг компаниялари ва йирик брендлар билан ҳамкорликни кучайтириш, маркетинг тадқиқотлари ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиш, хорижий корхоналар релокациясини рағбатлантириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган.

Давлатимиз раҳбари тақдим этилган ёндашувларни маъқуллаб, тармоқда тайёр маҳсулот улушини изчил ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифаларни қўйди. Барча чора-тадбирлар тармоқни барқарор, рақобатбардош ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган тизимга айлантиришга хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди.

Related

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси амалга оширилади
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Yangi Oʻzbekiston yoshlari – 2030” strategiyasi amalga oshiriladi
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон ва Қозоғистон: рақамли ҳамкорлик янги босқичда Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасидаги ҳамкорлик изчил равишда кенгайиб, стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда, балки Марказий Осиёда ягона рақамли маконни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига
19. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Jamoat salomatligi va xavfsizligini ta’minlash maqsadida transmilliy narkotahdidlarga qarshi kurashish” mavzusidagi xalqaro forum ishtirokchilariga
19. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Жавоҳир Синдоров шарафига тантанали маросим бўлиб ўтди
17. Apr 2026