Ўзбекистон ва АҚШ етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар

23 Dek 2025

23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари суҳбат аввалида АҚШ Президентини яқинлашиб келаётган янги йил байрамлари билан табриклаб, дўст Америка халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Дональд Трамп, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси ва халқига ўзининг ҳамда АҚШ халқининг самимий саломи ҳамда табрикларини йўллаб, янги йилда бахт-саодат, муваффақиятлар ва янги зафарлар тилади.

Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини, шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар.

Давлатимиз раҳбари Президент Дональд Трампнинг жорий йилда ички ва ташқи сиёсатда эришган муваффақиятларига юксак баҳо бериб, унинг ўткир халқаро инқирозлар ва можароларни ҳал этиш борасидаги самарали саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади.

Икки томонлама сиёсий мулоқот ва алмашинувлар, айниқса, етакчилар даражасида фаоллашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бергани ва уни аниқ мазмун билан бойитгани мамнуният билан қайд этилди.

Фуқаро авиацияси, автосаноат, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, энергетика ва кимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда ўнлаб миллиард долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Амалдаги лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш ҳамда янгиларини ишлаб чиқиш мақсадида Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Қўшма Инвестиция фондини таъсис этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги механизми ишга туширилди. Ўзбекистоннинг учта вилояти делегациялари Америка штатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ушбу мамлакатда бўлди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, “С5+1” форматининг аҳамияти таъкидланди.

Суҳбат якунида томонлар олий даражадаги фаол мулоқотларни давом эттириш ниятини тасдиқладилар ҳамда амалий ҳамкорлик бўйича қўшма ташаббус ва дастурларни илгари суришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Президенти Америка етакчисини ўзи учун қулай муддатда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Related

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси амалга оширилади
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Yangi Oʻzbekiston yoshlari – 2030” strategiyasi amalga oshiriladi
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон ва Қозоғистон: рақамли ҳамкорлик янги босқичда Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасидаги ҳамкорлик изчил равишда кенгайиб, стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда, балки Марказий Осиёда ягона рақамли маконни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига
19. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Jamoat salomatligi va xavfsizligini ta’minlash maqsadida transmilliy narkotahdidlarga qarshi kurashish” mavzusidagi xalqaro forum ishtirokchilariga
19. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Жавоҳир Синдоров шарафига тантанали маросим бўлиб ўтди
17. Apr 2026