Ўзбекистон Президенти ва Япония Бош вазири икки томонлама муносабатларни кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига олиб чиқдилар

20 Dek 2025

Токиода Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг музокаралари бўлиб ўтди.

Давлатлараро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб олган Ўзбекистон – Япония стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Япония Бош вазири давлатимиз раҳбарини самимий қутлар экан, ушбу ташрифни ҳар доимгидек юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Япония муносабатлари тарихидаги муҳим воқеа деб атади.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 33 йил давомида Япония Ўзбекистоннинг яқин дўсти, асосий технологик ва инвестициявий шериги бўлиб, республикада замонавий саноат ва энергетика инфратузилмасини яратиш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Товар айирбошлаш, инвестициялар ҳажми ва Япония сармояси иштирокидаги қўшма корхоналар сонининг барқарор ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Энергетика, геология, туризм, инфратузилмани ривожлантириш, АТ ва бошқа устувор соҳаларда муҳим лойиҳаларни амалга ошириб келаётган “Sojitz”, “Toyota Tsusho”, “Sumitomo”, “Itochu”, “Kyoto Plaza”, “Balcom”, “Shikoku Electric” каби етакчи япон компаниялари Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) билан қўшма лойиҳалар портфели энергетика, нефть-кимё, транспорт, таълим ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни қамраб олган.

Музокараларда парламентлардаги “дўстлик гуруҳлари”, иқтисодий ҳамкорлик қўмиталари, устувор йўналишлар бўйича тармоқ учрашувлари ва бошқа ҳамкорлик шаклларини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Япония билан стратегик шерикликни ривожлантиришнинг бир қатор асосий йўналишларини қайд этди. “Яшил” энергетика ва саноатда углерод чиқаришни камайтириш, ахборот технологиялари, ўта муҳим минераллар, машинасозлик соҳасидаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш шулар жумласидан.

Мазкур саммитга тайёргарлик доирасида қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган кооперация лойиҳаларининг янги портфели шакллантирилгани мамнуният билан қайд этилди. Ушбу лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма инвестиция платформасини яратиш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида Япония модели ва стандартларига асосланган махсус иқтисодий зонани барпо этиш режалари эълон қилинди.

Япониялик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган “Бир қишлоқ – битта маҳсулот” дастурининг кўламини кенгайтириш таклифи қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш имкониятлари ва йўллари, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Келгуси йили Самарқандда икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаси анъанавий равишда ушбу кўп қиррали муносабатларнинг муҳим қисми саналади.

Ёшларга келгусида тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириши учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни эгаллашига кенг имкониятлар тақдим этаётган Ўзбекистон – Япония Инсон ресурсларини ривожлантириш маркази мамлакатимизда муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ўзбекистондаги 7 та олий таълим муассасасида япон тили ўқитилмоқда. Токио чет тиллар университетида мана 10 йилдирки, ўзбек тили ўрганилмоқда.

Ректорлар форуми кадрлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Бугун Япониянинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашув бўлиб ўтди. Ҳамкорлик дастурлари, илмий ва инновацион алмашинувларни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Цукуба университети билан биргаликда Тошкент шаҳрида биринчи Ўзбекистон – Япония университетини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Маданий ва сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида маданият кунлари, кўргазмалар, ёшлар форумлари, кинофестивалларни мунтазам ўтказиб бориш таклиф қилинди. Ташриф арафасида Японияда Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан 2027 йилда икки мамлакатда Маданият йиллари ўзаро ўтказилади.

Музокараларда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Якунда Ўзбекистон Президенти ва Япония Бош вазири Келгуси авлодлар учун кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Ушбу ҳужжат, шубҳасиз, муносабатларни янги босқичга кўтариши ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар очиши таъкидланди.

Ташриф доирасида таълим, соғлиқни сақлаш, экология, сув ресурслари, транспорт, шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, табиий офатлар хавфини камайтириш соҳаларида салмоқли келишувлар тўплами қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Related

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Migratsiya agentligi samaradorligini oshirish masalalari muhokama qilindi
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Миграция агентлиги самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси амалга оширилади
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Yangi Oʻzbekiston yoshlari – 2030” strategiyasi amalga oshiriladi
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
Ўзбекистон ва Қозоғистон: рақамли ҳамкорлик янги босқичда Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасидаги ҳамкорлик изчил равишда кенгайиб, стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда, балки Марказий Осиёда ягона рақамли маконни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор
20. Apr 2026
ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ
“Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига
19. Apr 2026